Мана янги йилни қаршилаб олганимизга ҳам 5 кун бўлди. Ҳали ҳеч кимни байрам кайфияти тарк этмаган. Кимдир янги йилда шахсий ҳаёти билан боғлиқ режаларини амалга оширишни мўлжаллаётган бўлса, бошқа бировлар ишдаги фаолиятини йўлга қўйиш билан банд бўлишларини ўйлашаяпти. Шу ўринда бир савол: бизнинг санъаткорларимизчи? Улар кириб келган балиқ йилида нималарни амалга оширишар экан, умуман янги йилни қандай ўтказишни мўлжалашаяпти? Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши аниқ!
“МУХЛИСИМНИНГ ТЎЙИНИ ТЕКИНГА ЎТКАЗИБ БЕРАМАН!”
Равшан Комилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
2012 йилдан эл қатори тинчлик ҳотиржамлдик, бахт саодат кутаяпман. Бундан ташқари Насиб қилса, 2011 йил тоғли ҳудуддан сотиб олган далаҳовлимни таъмирлаш ишларини якунламоқчиман. Сабаби бир йил давомида ўзим истагандек қилиб, қуриб, таъмирдан чиқарган ҳовлимда маза қилиб дам олиш ниятим бор.
Одам бўлиб келдик, одам бўлайлик. Элимиз, юртимиз, оиламиз, дардига, малҳам бўлайлик. 2012 йилда одамлар учун маслаҳатимни 20 йил илгари куйлаган қўшиғим шеърида жамлаганман.
Ўтиб кетган йилда 25-30 та оилани ажрашишдан асраб қолдим, деб бемалол айта оламан. Шулардан 15 таси шахсан келиб, “Қизим бор деб нолима” деб куйлаган қўшиғим оиласини сақлаб қолганини айтишди. Бу гапим билан мен 2011 йилда ўзим учун санъат оилаларни асрай олиш кучига эга эканлигини кашф қилдим. Кириб келган янги йилда эса менинг мавзувий қўшиқларим асраб қолинишига ҳисса қўшган оилалар сонини 120 тага етказишни мўлжаллаяпман.
Ҳамма олдига қўйган мақсадига эришсин. 2012 йили Балиқ йилли экан, ниятим бу йили ҳамманинг қўлига тилла балиқ тушиб қолсин. Ва барча унга ўз орзусини айтиб, амалга оширсин!
Ҳамманинг гувоҳлигида 2012 йилда битта дона, энг яхши кўрган мухлисимнинг тўйини текинга ўтказиб беришга ваъда бераман!
“БАЛИҚЛАРГА ЯҚИНРОҚ ЮРИНГ!”
Нигора Исмоилова, "Ниҳол"” мукофоти совриндори
2012 йил меннинг мучалим. Шунинг учун бўлса керак, мазкур йилда амалга оширишим керак бўлган ишларимнинг ҳаммасини бажара олишимга қаттиқ ишонаяпман. Насиб қилса, бу йил шахсий ҳаётимни йўлга қўймоқиман!
Эшитишимча бу йили одамлар омад тумори сифатида ўзлари билан балиқ шаклини олиб юришлари керак. Балки буни тақинчоқ сифатида ёки калитларига илгак тариқасида кўтариб юришар. Бундан ташқари балиқ мучали остида туғилганлар билан яқин муносабатда бўлишса ҳам уларга омад кулиб боқаркан. Ҳаммага шу нарсага амал қилиб, эътиборли бўлишларини маслаҳат берган бўлардим.
2012 йилда ўзимни янги Ласетти машинасини ҳайдаб юрган қиз сифатида тасаввур қилаяпман. Бундан ташқари балки кино соҳасида ҳам анча ролларни ўйнаб, актрисалик фаолиятини жиддий олиб борараман. Энг асосийси Мустаҳкам оила йилида, келин бўлиб, оиламнинг хизматини қилаётган Нигорани ҳам кўз олдимга келтирдим.
Ўтган йили янги йил кечасида, мен ва Ойбек сабабли, маъмуримиз, Маъруф уйига аранг етиб борган. Соат 00:00 га бонг уришига 5 сония қолганда зўўўрға кириб борган эди. Шошганидан ҳатто, оёқ кийимини ечмасдан меҳмонхонагача кириб борганини айтиб берганда роса кулишгандик.
Тилагим, янги йилда ҳамма жилмайиб юрсин! Ҳар бир хонадонда камида биттадан машина бўлиши шарт!
Кириб келган йилда бир ҳафтага бўлса ҳам, узоқларда битта ўзим дам олиб келишга сўз бераман!
2012 йилдан жуда ҳам кўп нарса кутаяпман. Шахсий ҳаётимда эса, энг катта янгилик амалга ошади. Насиб қилса 2012 йил ота бўлишга тайёрланаяпман.
2011 йил ўзим учун, инсон ҳар қандай вазиятда ҳам камтар ва турли гап сўзларга қарамасдан ўзлигини сақлаб қолиши керак эканлигига яна бир карра амин бўлдим.
Одамларга, бирон бир олий ўринга, мансаб ва мақсадга эришганда, қийин вақтларда ёнингизда туриб берган яқинларини эсдан чиқармасликларини маслаҳат бераман. Мен бу оғир кечмишни ўтиб кетган йилда бошимдан ўтказдим. Ва буни ҳеч кимга раво кўрмайман.
Болалигимдаги янги йил байрамини соғиндим. Биласизми, янги йил дастурхони деганда биринчи бўлиб кўз олдимга оливье салати келади. Бу салатни ҳар доим танаввул қилсакда, янги йилдагиси менга алоҳида завқ бағишлайверади. Болаликда қўни-қўшнилар билан бир-бирларимизникига меҳмонга бориб, байрам совғаларини улашар эдик. Камига ўша салатни ўзимиз билан олволардик. Эҳ, ўша пайтлар жуда бошқача эди-да... А яна бир нарса ёдимга тушди, кичкиналигимизда ҳар гал уйимизга қорбобо келганида, мен унинг соҳталигинию, ниқоб остида амаким рол ўйнаётганини билиб қолаверардим (кулади).
Сўнгги йилларда янги йилни жуда ноодатий тарзда кутиб оладиган бўлганман. Масалан, ўтган йилларнинг бирида, янги йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолганда йўл қоидасини бузганим учун мени YPX ходими тўхтатган эди. Соат 12га бонг ургач эса янги йилни иккимиз бир биримизга яхши ниятлар тилаб кутиб олаверганмиз. Бир гал хизматдан қайтаётганимда эса, кимдир билан гаплашиб туриб, кўлмакка йиқилиб тушиб, шу ҳолимча янги йилни кутиб олган пайтларим ҳам бўлган.
2012 йилда барча талаб ва таклифларни инобатга олган ҳолда, битта кинокартинада бош роль ўйнашга ваъда бераман!
“ЧЕКИШНИ ТАШЛАШНИ ВАЪДА БЕРАМАН”
Ойбек Алимов, "Ниҳол"” мукофоти совриндори
2012 йил менга ҳақиқий океанни кўриш имкониятини беришини истайман. Ва шу кунни кутиб яшаяпман. Нигора билан биргаликда Эйфил минорасининг энг юқори қисмига чиқиб овқатланишни ҳам истайман. Бундан ташқари, келажакда бўладиган тўйим ҳамманикидан чиройли ўтишини хоҳлайман.
Янги йилда санъаткорларимиз қўшиқ ўғрилашмаслигини истайман. Назаримда қилинган соф ижод, соғлом рақобатга имконият яратади.
2011 йил мен ўзимда ёмон хислатлардан бирини кашф қилдим. Яъни чека бошладим. Яна ҳаддан ташқари семириб кетдим. Ўзимни бу даражада тасаввур қилолмасдим.
Сочи йўқларнинг, сочи ўсиб кетсин, кассаллар соғайиб, семирганлар озишини тилайман. Футбалистларимизни жаҳон чимпионатига чиқишини ҳам истайман.
Нигорага шу йили чекишни ташлашим ҳақида ваъда бераман.
“2012 ЙИЛда машина ҳайдашни ўрганмоқчиман»
Сардор Рахимхон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
Укамни уйлантириш керак, бу режани мазкур йилга мўлжалаганимиз учун 2012 йилдан тўй кутаяпман. Ижодимга келсак, 2012 йилнинг энг яхши эркак хонандаси мен бўлишим керак. Икки йиллик танаффусдан кейин концерт бериш ниятим ҳам бор.
Ҳаммага чуқур нафас олиб туришларини маслаҳат бераман. Сабаби, биз бу орқали қадрига етмай юрган нарсаларимиз бизга қанчалик керак эканлигини сезишимиз мумкин.
Келажагимни тасаввур эмас, уни ният қилишим мумкин. Насиб қилса келаётган йилда оиламиз яна бир кишига кўпайишини ният қилаяпман.
Ўтган йили янги йилни янги йилни созандалар билан биргаликда машинада кутиб олган эдик. Бу мен учун жуда ғалати вазият бўлгани учун ҳеч ҳам эсимдан чиқмайди.
2011 йилда мен ўзим учун оталик бахти қанчалик ёқимли эканлигини кашф қилдим. Бу бахтнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмаслигини англадим. Бундан ташқари, оламда ҳеч нарса абадий эмаслигини, бир кун келиб ҳамма нарса қўлдан кетишига яна бир карра ишондим.
Ваъда бераман! Шу, 2012 йил машина ҳайдашни ўрганман. Мен шунга ахд қилдим.