Билмадим, ростмиди ёки бир руё, Қуёшнинг кўнглини олибди Дунё. Лекин ошиқларга эмаскан аён, Тақдирлигин уларга азобли ҳижрон.
Қуёшнинг оташи яқин келса гар, Куяркан дунёда жамики гулзор. Қисматин билганда кеч эди албат, Асир этган эди ўтли муҳаббат.
Чорасиз Қуёшнинг қалби шу сабаб, Севмоқ ўрганибди олисдан қараб.
Узоқдан жилмайиб Дунё боқаркан, Қуёшнинг қалбига олов ёқаркан. Ошиқнинг ишқи чўғ бўлибди ёмон, Бағрида ҳеч бир жон қолмаскан омон.
Куяр эди ўн саккиз минг олам, Очиса гар Қуёш кўксидаги ғам. Ошиқ чекмасин деб ўзгалар озор, Бағрини айлабди оловли мозор.
Чора излаб яна Қуёшнинг қалби, Ўрганибди энди дардин ютмоқни.
Билдимки, бўлса гар севгига ишонч, Ёнмоқ хам бераркан ошиққа қувонч. Дардимни ютгум мен ҳам Қуёш бўлиб. Ўргангум севмоқни олсдан туриб.
Лек сиз ким учун овворасиз ёр? Ноҳақлик беради дилимга озор! Унутманг Қуёшда мангу сўзи бор, Менинг баҳорим келмайди такрор !
Айтинг азизим, яшайми Қуёш бўлиб? Ўрганайми севишни олсдан туриб?.
.
|