Биз шу муносабат билан Тошкент шаҳар маданият ва спорт бош бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Давлат мукофотлари совриндори, Ўзбекистон халқ артисти, байрамнинг бадиий раҳбари ва бош режиссёр Рустам Ҳамидовга мурожаат қилдик:
— Йигирма йиллик байрамга ҳар бир Ўзбекистон фарзанди алоҳида тайёргарлик кўраяпти, десам ҳато бўлмайди. Биз ҳам бир неча ойлардан буён бу муқаддас санани муносиб нишонлашга ҳозирлик кўряпмиз. 20 йил давомида юртимиз эришган ютуқларга бадиий томондан ёндошиб, уларни байрам дастурида намоён этишни режалаштирганмиз. Табиийки, бир неча соат давомида қўшиқлар, рақс, саҳнавий кўринишлар, видеолавҳалар байрамга ташриф буюрган меҳмонлар ва телетомошабинларга ҳавола этилади. Байрам дастурини саҳналаштиришда биз энг замонавий ускуналардан фойдаланяпмиз.
— Мазкур байрам кўнгилдагидек ўтишида кимлар қатнашаяпти?
— Умумий ҳисобда олти мингдан зиёд инсон байрам дастурини тайёрлашда меҳнат қилишяпти. Оммавий саҳналарда эса биз олий ўқув юртлари талабалари кўмагидан кенг фойдаланаяпмиз. Улар ёрдамида «тирик» бадиий фонни яратамиз. Шунингдек, «Ўзбекистон», «Сабо», «Офарин» каби рақс дасталари ҳамда хореография олий билим юртидаги раққоса талабалар ҳам байрамимизнинг чиройли тус олишида катта ҳисса қўшишади. Байрамнинг бош хореографи Ўзбекистон халқ артисти Қодир Мўминов эса ўзининг ўзгача бадиий ечим ва композицияга эга рақс кўринишларини тайёрлаяпти. Қодир Мўминовга ёрдамчи сифатида Маъмура Эргашева, Карима Узоқова каби ўз ишининг усталари, балетмейстерлар, вилоятлардан ташриф буюрган бадиий жамоалар ижодий ишлари билан режиссёрларга катта ёрдам беришаяпти.
Нодира Қурбонова бошчилигидаги «Томоша» ашула ва рақс театри, «Тантана», «Севинч» каби болалар гуруҳлари ҳам ўзларининг ажойиб саҳна кўринишлари ва куй-қўшиқлари билан даврага яна ҳам файз бағишлашади.
— Бу йилги байрам ўтган йилгиларидан қандай фарқ қилади?
— Олдингиларидан катта фарқи бор, деб бемалол айта оламан. Йилдан-йилга янгича кўринишлар билан ёндашилган саҳнавий чиқишлар қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Байрамда халқ артистлари билан бир қаторда давлат кўрик-танловларида олий ўринларни эгаллаган, ўз санъати билан кўриниб келаётган ёш ижодкорлар ҳам иштирок этишади.
Майдоннинг ўзига тўхталадиган бўлсак, бугунги кунда декорация устида ҳам ўз ишининг усталари, қурувчи ва техник усталар катта ўзгаришлар олиб боришяпти. Марказий майдонни деярли қайта қуришаяпти, десам ҳам муболаға бўлмайди. Майдони бадиий безатиш эса бош рассом Толибжон Ғозиев зиммасига юклатилган. Дастурдаги мусиқий безакларни эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Бахрилло Лутфуллаев бажараяпти. Ўзбек санъатидаги энг сара мусиқий асарлар хам байрам дастурида намойиш этилади.
P/S: Асосий майдондаги байрам дастуридан ташқари, 1 сентябр куни 15 та катта майдонларда ҳамда маданият ва истроҳат боғларида байрам тадбирлари давом этади.
«ИНСОН АЗИЗ»
Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистон халқ артисти: — Яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрамга алоҳида тайёргарлик кўрганмиз. Ижодкорлар билан ҳамкорликда «Инсон азиз» деб номланган қўшиқ ёздик. Ватанимиз, юртдошларимизни тараннум этувчи ушбу тарона байрам дастуридан ўрин эгаллайди. Таъкидлашни истардимки, Мустақиллик майдонида куйлаш барча санъаткорлар учун юксак шараф!
«ТАЙЁРГАРЛИК ҚИЗҒИН»
Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист: — Бу йилги байрам йигирма йиллик юбилей бўлгани учун ҳам олдингилардан катта фарқ қилади. Ўз-ўзидан унга тайёргарлик ҳам ҳар бир кишига катта масъулият юклайди. Халқимизда байрам кафиятини кўтаришга ҳисса қўшиш бахтига муяссарлигимдан фахрланаман.
«ВАТАННИ КУЙЛАШ ХАР БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗДИР»
Жаҳонгир позилжонов, хонанда: — Ёшларимиз кўнглига, Ватанпарварлик руҳини, уларнинг ўзларига мақул келадиган ёшларбоп қўшиқлар билан кириб боришга ҳаракат қилаяпман. Ҳаракатларим бефойда кетмайди, деган умиддаман. Зеро, Ватанни тараннум этувчи қўшиқлар куйлаш ҳар бир хонанданинг бурчидир.
|