Бир кун олдин дўстим билан метрода кўришишга келишиб хайрлашгандик. Ўша соатда етиб келдим, бир соат кутдим, йўқ, икки соат кутдим, йўқ, уч соат кутдим... асабларим чидамади уйига қараб йўл олдим. «Доим шунақа қилади» деб ўйладим ичимда, уни ҳурмат қилганим сайин ўзидан кетяпти, унинг вақти вақт-у бизники пўчоқ экан-да. Бундай олганда бир пуллик одаму яна қадрини оширганига ўлайми. Э, юзига роса сўкаман ҳозир, нима бўлса бўлсин. Битта ўртоқ кам...» Жаҳл билан эшикни очдим. Биринчи кўзим тушган одам маҳалланинг мурдашўйи эди. Ювиб бўлишибди. Дўстгинамнинг жанозасини ўқиб уйга қайтдим.
|