Ayollarning avratiga qarasam.......
Савол: Ҳурматли устоз қалбим қотиб бормоқда, менга аёллар авратга қараш ёмонлиги ва бунинг дунё ва охиратдаги зарарлари ҳақида исломдаги жавоблар қандайлигини хабарини берсангиз.
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу гапингиз китоб ўқимайдиганлар тоифасидан эканингизга далолат. Бундай ҳол давом этаверса, бошқа ноқулайликлар ҳам келиб чиқиши мумкин.
БЕГОНА АЁЛ БИЛАН ХОЛИЙ ҚОЛИШ ВА УНГА НАЗАР СОЛИШ ҲАРОМДИР
Аллоҳ таоло: «Мўминларга айтгин: кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар, мана шу улар учун покроқдир. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларидан ўта хабардордир. Ва мўминаларга айтгин; кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар» деган. (Нур: 30-31) Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин эркакларга номаҳрам аёлларга, назар солиш ҳаром эканлиги, шунингдек фаржларини ҳаромдан тийишлари ва бировдан беркитишлари зарурлигини баён қилмоқда. Бошқа ҳукмларда умумий хитоб эркак ва аёлларга бир хил бўлиб ишлатилаверади, аммо номаҳрам эркак ва аёлларнинг орасидаги муносабат ўта нозик бўлганидан, Аллоҳ таоло бир оятнинг ўзида, бир хил масалада эркакларга алоҳида, аёлларга алоҳида хитоб қилмоқда. Мўмин аёллар ҳам кўзларини номаҳрам эркаклардан тийишлари, фаржларини сақлашлари ва авратларини номаҳрам назарлардан беркитиб юришлари лозим. Бу масалага аврат баёнида алоҳида тўхталиб ўтилган, шунинг учун такрорлашнинг ҳожати йўқ. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларнинг олдига киришдан ҳазар бўлинг! - дедилар. Шунда бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг қариндошига нима дейсиз? - деди. «Эрнинг қариндоши-ўлимдир-дедилар У зот». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркакларни аёллар олдига киришдан ман қилмоқдалар. Чунки, бу жуда ҳам хатарли ишдир. Ҳеч ким йўқ жойда бир аёл билан бир эркакнинг холий қолишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида ношаръий, ҳаром ишга олиб келади. Ҳеч демаганда шубҳага, ёмон фикр туғилишига олиб келади. Фараз қилайлик, бир аёл ўз уйида ёлғиз ўтирибди. Эшикдан бир номаҳрам эркак чақириб келди. Ичкарига кирди. Мазкур аёлдан бошқа ҳеч ким йўқлигини билди. Шу пайт иккисни ҳам Шайтон васваса қилиши, зинога бошлаши ҳеч гап эмас. Бундоқ ҳолатлар тез-тез бўлиб туришини ҳамма яхши билади. Зинонинг кўпчилик ҳолатлари айни бегона эркак ва аёлнинг бир жойда холий қолишларидан бошланиши ҳеч кимга сир эмас. Баъзи бирлар даъво қиладиганидек, холий қолган эркак ва аёл очиқ кўнгиллик билан «дўстона» гаплашиб ўтиришди ҳам дейлик. Нимани гаплашишади? Шу пайт хотиннинг эри, эркакнинг хотини келиб қолса уларни дўстона гаплашиб ўтиришибди, деб ўйлайдими? Умуман бошқа бир одам, қўни-қўшни кўриб қолсачи? Баъзи бир кишилар, эрнинг қариндошлари келиб-кетиб туришади, зарурат юзасига ҳеч ким йўғида хотин олдига кирса нима бўлибди, дейишади. Саҳобаи киромлар худди шу саволни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашган эканлар. У зот бу иш ўлим билан баробарлиги ҳақида хабар берибдилар. Яъни, шунчалар хатали иш дебдилар. Чунки, бу нарса бегона эркакдан кўра бепарво бўлишга сабаб бўлади. Мазкур эътиборсизлик оқибатида эса, ҳаром иш содир бўлиши ҳеч гап эмас. Акасининг хотини билан зинода қўлга тушган укалар оз эмас. Шунга ўхшаш, бошқа номаҳрам қариндошлар ҳам. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор ушбу ҳадиси шарифга хилоф қилмаслик керак. Бунинг учун кимнингдир бу шаръий амрни тарк этгани туфайли зино қилиб қўйгани ёки шубҳага қолиб, бир оила бузилган бўлиши шарт эмас. Шариатда бир ҳукм жорий бўлганми, мўмин-мусулмон киши унга суриштирмай амал қилавериши лозим. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри ғойиб аёллар олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қони йўлида юради» - дедилар. Биз У зотга: «Сизда ҳамми?»- дедик.
«Менда ҳам. Лекин Аллоҳ ёрдам бериб, мен саломат қолганман» - дедилар. Эри ғойиб, ўзи ёлғиз аёлнинг олдига бегона эркакнинг кириши шайтоннинг васвасасига йўл очиши турган гап. Бундоқ пайтларда ҳар қандай эркак, ҳар қандай аёл ҳам шайтоннинг васвасасидан қутилиб қолиши амри маҳол. Ҳатто, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳолларича бу нарсадан қутилмаган эканлар. Аллоҳ таоло У зотга махсус ёрдам бериб, алоҳида равишда сақлаб қолган экан. Бу-пайғамбарлик маъсулиятидир. Аллоҳ таоло, барча пайғамбарларни шу жумладан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам шайтон васвасасига учишдан, гуноҳ содир этишдан ўзи сақлаган. Шундоқ бўлганидан кейин, ҳеч ким бепарво бўлиши керак эмас. Ҳамма, ким бўлишидан қатъий назар бу масалада ўзини сақлаши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир эркак зинҳор бир аёл билан холий қолмасин!-Агар шундоқ бўлса учинчилари шайтон бўлур» - дедилар. Иккисини Термизий ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шариф олдинги ҳадислардаги маънони яна ҳам ҳам очиқроқ таъкидлаб келмоқда.
Ибн Аббос розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эркак киши зинҳор аёл билан холий қолмасин. Магар маҳрам билан бўлса майли дедилар. Шунда бир киши туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, хотиним ҳажга чиқди. Мен эсам фалон ғазотга қатнашмоқчиман?» - деди. «Сен қайт! Хотининг билан бирга ҳаж қил! - дедилар У зот. Тўртовлари ривоят қилишган. Мўмина-муслима аёл бегона эркак бор жойда фақат ўз маҳрами ҳамроҳлигидагина бўлиши мумкин. Бундан бошқа иш тутиш ношаръий бўлади, ва турли ноқулайликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг савол берган одамни жиҳодни тарк қилиб, хотинига маҳрам бўлиб ҳажга боришга амр қилишлари бу ишнинг аҳамиятининг қанчалар муҳим эканлигини кўрсатиб турибди. Аллоҳнинг йўлида ғазот қилиш фарз, аммо хотинини маҳрамсиз қўймаслик ҳам бундан қолишмас экан. Кўпгина мусулмон юртларда бу шаръий ҳукмни ҳам эркаклар, ҳам аёллар жуда яхши тушинадилар. Унга оғишмай амал қиладилар. Аммо, минг афсуски, баъзи бир ўлкаларда, бу муҳим нарсадан умуман бехабарлар ёки хабарлари бўлса ҳам амал қилмайдилар. Шариатнинг ушбу ҳукмини тарк қилиш оқибатида эса, мусулмонлар бошига кўпгина мусийбатлар етмоқда. Турмуш кўрмаган қизлар бузилиб, ҳаром йўлга кириб кетиши, ношаръий бола туғиши, оилалик аёл-эрларнинг оилалари бузилиши, жамиятдаги ҳаром-хариш ишлар ва ўзаро ишончсизликлар мазкур мусийбатларнинг бир томони, холос. Муслимнинг ривоятида: «Огоҳ бўлинглар! Ҳеч бир эркак жувон хотин бор жойда ётиб қолмасин. Магар эри ёки маҳрами бўлса майли»-дейилган. Жувонни шунчалик эҳтиёт қилинганидан кейин қизларни бундан ҳам ортиқ эҳтиёт қилинади. Тунда бегона эркак ва аёлнинг бир жойда ётиб қолишлари нималарга олиб келиши сир эмас.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида уйда хотинчалиш одам бор эди. Уша хотинчалиш Умму Саламанинг укаси Абудуллоҳ ибн Умайяга: «Агар эртага Аллоҳ сизларга Тоифни фатҳ этса, сенга Бинти Ғайлонни кўрсатиб қўяман. Узиям олдидан, тўртта, ортидан саккизта бақ-бақаси ила келади-да! - деди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олдиларингизга, манави ҳеч-ҳеч кирмасин!» - дедилар». Баъзи пайтларда хотинчалиш одамларни аёллар билан бўлишига бепрво қаралади. Нима қилибди, у ўзи хотин киши бўлишига сал қолган одам-ку, дейилади. Ушбу ҳадиси шарифдан бундоқ қилиш мутлақо нотўғри эканини билиб олмоқдамиз. Умму Салама онамизнинг ҳужраларига у кишининг укалари Абдуллоҳ ибн Умайя розияллоҳу анҳу билан бирга кирган хотинчалиш одамнинг тасарруфотлари шуни кўрсатди. Гапни боришига қараганда ўша куннинг эртасига мусулмонлар Тоифни фатҳ қилишлари кутилар эди. Ҳалиги хотинчалиш хотин-қизларнинг ичига кириб-чиқиб юриб, уларнинг ҳусни-жамолларига, шакли-шамойилларига зимдан разм солиб юрар экан. У Тоиф аҳлидан бўлган Ғайлон ибн Салама ибн Моликнинг Бодия исмли гўзал, бўлиқ қизини ҳам кўрган унинг ҳусни жамоли, қадди-қоматининг тафсилотларигача яхши билар экан. Абдуллоҳ ибн Абу Умайя розияллоҳу анҳуга ўша Бодия бинти Ғайлонни васф қилиб турганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб қолибдилар. Ушбу ривоятда, Бодия бўлиқ қиз бўлиб қорнида бақ-бақалари борлиги, олд тарафидан қаралса тўртта, орт тарафидан қаралса саккизта бўлиб кўринишини айтган. Бошқа ривоятларда келишича бундан кўра беҳаё васфларни қилган. Демак, хотинчалишларнинг мўмина-муслима аёлларнинг ичларига кириб юришларида катта бузғунчилик бор. Шунинг учун ҳам Пай-ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларига хитоб қилиб: «Олдиларингизга, манави ҳеч-ҳеч кирмасин!-дедилар». Ҳаммамиз ушбу амрга итоат этмоғмиз лозим. Аввало аёл-қизларимиз хотинчалишларни ўзлари билан аралаш-қуралаш бўлиб юришларига йўл қўймасинлар. Энг муҳими эркаклар бу ишга жиддий қарасинлар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши аёл киши билан бирга ётмасин яна эрига уни васф қилиб, эр ўша аёлга назар солгандек бўлмасин» - дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Ислом жамияти тўлалигича пок жамиятдир. Унда ҳаром-хариш жинсий алоқалар бўлмаганидек, ўшандоқ ношаръий алоқаларга олиб борувчи бузуқ, беодоб ва ноўрин васфлар, гап-сўзлар ҳам бўлмаслиги лозим. Аёл киши аёл кишидан қочмайди. Лекин жуда ҳам бепарво бўлиб кетмаслик керак. Ушбу ҳадиси шарифда икки аёл бир-бирига баданини тегизиб бирга ётмаслиги, қип-ялонғоч ҳолида кўринмаслиги лозимлиги баён қилинмоқда. Шу билан бирга бу амрнинг сабаби ҳам айтиб ўтилмоқда. Уша аёллардан бири ўз эрига иккинчисининг ўзи кўрган васфларини айтиб бериши мумкин. Натижада, агар васф қилинган аёл гўзал ва келишган бўлса эркакнинг кўнгли бузилиши, ўша аёлнинг висолини орзу қилиб, унга етишиш йўлларини ахтариб қолиши мумкин. Аксинча, васф қилинган аёл хунук, айбдор бўлса, бировни ғийбат қилиб гуноҳкор бўлинади. Бу эса, энг кичик зарардир. Хотинлар ичида қўшмачиликни ўзига касб қилиб олганлар ҳам йўқ эмас. Бу эса, мислсиз зарарларга сабаб бўлиши сир эмас. Шунинг учун жинсий тарбия борасида қиз-аёлларни ушбу ҳолатига алоҳида эътибор бериш лозим. Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўсатдан назар тушиб қолиши ҳақида сўрадим.
Бас, У зот, кўзингни бошқа томонга бур, дедилар». Бешовларидан Бухорий ривоят қилмаган. Номаҳрам шахсга қасддан, шаҳват назари билан кўз тикиш ҳаромдир. Аммо, ноқасддан назар тушиб қолиши гуноҳ ҳисобланмайди. Аммо, ушбу ҳадиси шарифда баён қилинганидек, дарҳол кўзни бошқа томонга буриб олиш шарти билан. Мўмин-мусулмон кишилар бу ҳукмни ҳеч қачон унитмасликлари лозим. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма. Албатта, биринчиси сен учун безарар бўлса ҳам, бошқаси ундоқ эмас, дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Биринчи назар, номаҳрамга тўсатдан тушгани учун зарарсиз ҳисобланади, гуноҳ бўлмайди. Аммо ундан кейин яна қайта назар солишни тўсатдан, деб бўлмайди, буниси қасддан бўлган бўлади ва гуноҳ ҳисобланади. Ушбу, таълимотлар ҳам Ислом жамиятини пок сақлаш йигит-қиз ва эркак-аёлларни турли ношаръий ишлардан, улардан келиб чиқадиган нохуш оқибатлардан сақлаш учун келгандир. Ислом шариати ҳукми бўйича эркак кишининг аёлларнинг йўлини тўсиши, тегажоқлик қилиш, гап отиши у ёқда турсин пинҳона назар солиши ҳам ҳаром ҳисобланади. Бу ҳиёнат ҳисобланади. Уйланмоқчи бўлса шариат кўрсатмаси бўйича назар солсин, гуноҳ ҳам бўлмайди, биров маломат ҳам қилмайди. Уз хотинига хоҳлаганича назар солсин, ундан лаззат олсин, савоб бўлади. Аммо, бировнинг хотинига ёки бировнинг хотини бўладиган шахсга шаҳват назари билан қарамасин. Агар зино содир бўлмаган чоғида ҳам, кўз зиноси бўлади. Хиёнат содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор эркаклар, номаҳрам назарлардан ўзларини сақласинлар, аёл-қизлар эса ўзларини кўз-кўз қилмасинлар. Тиб олимларининг, хусусан жинсий соҳа мутахассисларининг олиб борган илмий текширишлари ёш йигитларнинг, умуман эркакларнинг аёлларга шаҳват назари билан қарашлари жинсий ожизликни келтириб чиқаришини исботлади. Чунки, бошқа жинсга шаҳват назари билан қараган одамда жинсий майл уйғонади, у майлни қайтариш эса осонлик билан бўлмайди. Бу жараённинг кўп такрорланиши эса, жинсий ожизликка олиб келади. Худди шу ҳолатнинг энг тўғри мужоаласи келгувси ривоятда баён қилинади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари бир аёлга тушди. Дарҳол хотинлари Зайнабнинг олдига бордилар. У ўзига тегишли чала ошланган терини ошлаб ўтирар эди. Бас, У зот эҳтиёжларини қондирдилар. Сўнгра саҳобалари олдига чиқиб: «Албатта, аёл киши шайтон сувратида келиб, шайтон сувратида қайтадир. Қачон бирингиз, бирор аёлни кўрса, ўз аҳлига яқинлик қилсин. Чунки, ўшандоқ бўлиши унинг кўнглидаги нарсани қайтаради» - дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Қачон бирингизга бирор аёл ёқиб тушса ва қалбидан жой олса, дарҳол ўз хотинини топиб, унга яқинлик қилсин. Чунки, ўшандоқ бўлиши унинг кўнглидаги нарсани қайтаради» - дейилган. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Ушбу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ишни ўз бошларидан кечирганларидан кейин саҳобаларга, улар орқали умматга тавсия қилишлари мисоли келтирилмоқда. Ҳар бир эркак ва аёлда жинсий майл бор. Бир жинсга мансуб шахс, бош-қа жинсга мансуб шахсга кўзи тушганда ўша майл қўзғоши ҳам бор нарса. Жинсий майл қўзғолганда уни ҳалол йўл билан қондириб олиш ҳам зарурдир. Шунинг учун Пайғамбаримиз ўз умматларига ушбу тавсияни бермоқдалар ва ўзлари намуна тариқасида қилмоқдалар ҳам. Чунки, эркак киши бегона аёлни кўриб жинсий майли қўзғолганда, кўнглида ҳам, жисмида ҳам ўша майл ўзига хос бир таъсир қолдиради. Бу таъсирни кетказиш, унинг асоратидан қутилиш учун ўз жуфти ҳалолига яқинлик қилиб олиш энг қулай восита ҳисобланади. Бўлмаса, кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Одам боласига унинг зинодан бўлган насибасини ёзгандир. Уни олмаслиги амри маҳолдир. Бас, икки кўзнинг зиноси назардир. Тилнинг зиноси нутқдир» - дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Икки қўлнинг зиноси ушлаш, икки оёқнинг зиноси юриб бориш, қулоқнинг зиноси эшитиш, оғизнинг зиноси ўпишдир. Нафс уни орзу ва иштаҳо қилур. Фарж эса они тасдиқлар ёки ёлғонга чиқарур» - зиёда қилинган. Абу Довуд ва икки Шайх ривоят қилган. Зино бегона аёлга жинсий яқинлик қилиш, деб таърифланади. Бу кабира гуноҳлардан бўлиб, никоҳда бўлган шахсдан содир бўлиб, исботланса шариат ҳукми бўйича уни тошбўрон қилиб ўлдирилади. Агар зино никоҳда бўлмаган одамдан содир бўлса, юз дарра уриш билан жазоланади. Аммо, шундоқ қаттиқ жазога сабаб бўладиган оқир жиноят тўсатдан, ўз-ўзидан содир бўлмайди. Унинг ўзига хос муқаддималари бор. Аввал кўрилади-шаҳват назари тушади, шу маънода гапирилади, иккинчи томоннинг гапи эшитилади, зино жойига юриб борилади, қўл билан номаҳрам шахснинг аъзолари ушланади ва охири зино содир бўлади. Ана ўша муқаддима ҳисобланган нарсалар ҳам зино ҳисобланади. Номаҳрам шахсга шаҳват билан назар солган шахс кўз зиноси қилган бўлади. Номаҳрам шахсга шаҳвоний гаплар айтган шахс тил зиноси қилган бўлади. Номаҳрам шахснинг шаҳвоний гапларин эшитган шахс қулоқ зиноси қилган бўлади. Номаҳрам шахснинг ортидан шаҳвоний муқсадда юрган шахс оёқ зиносини қилган бўлади. Номаҳрам шахснинг баданини ушлаган шахс қўл зиносини қилган бўлади. Ушбу зиноларнинг ҳар бирига гуноҳ ёзилади. Албатта, қилинган ишнинг хатарига, миқдорига қараб гуноҳнинг оз ёки кўплиги аниқланади. Ушбу маъжозий маънодаги зиноларнинг қозиликка етиб борганларига таъзир жазоси ҳам берилади. Ислом жамияти том маънодаги пок жамиятдир. Ҳамма томон, ҳамма нарса пок бўлиши керак. Унда зино ҳаром. Шунингдек, зинога сабаб бўладиган нарсалар ҳам ҳаромдир. Бир нарсага сабаб бўладиган нарсаларни ҳаром қилмай туриб, унинг ўзини ҳаром қилиш мантиққа ҳам тўғри келмайди. Шунинг учун зино ҳаром бўлиши билан баробар унга сабаб бўладиган ҳамма нарсалара ҳам ҳаром қилинган. Бу ишлар қаторига ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган шаҳвоний қараш, гап-сўз, тинглов, юриб бориш ва ушлаш ҳам, бу ҳадисда зикр қилинмаган кейин пайдо бўлган, турли фоҳиша сувратлар, филмлар, ёзувлар, китоблар ва бошқа нарсалар ҳам киради. Ислом жамиятида ундоқ нарсаларга ўрин йўқ. Ҳар бир мусулмон шахс бундоқ нарсаларга яқин йўлламаслиги керак. Валлоҳу аълам.
|