Санъаткорлар ва машҳур инсонларнинг ҳаётида рўй берган қизиқарли воқеалар ҳақида сўзловчи мазкур саҳифамиз ўз ўқувчиларини соғинтириб қўйган бўлса, ажаб эмас. Бугунги "қовун тушди” воқеалар эса "Қовун тушди” саҳифасининг бироз "дам олгани”ни ювиб кетади, деган умиддамиз.
ПУЛ ВА ҚОВУН ТУШДИЛАР
Жамшид Абдуазимов: — Бундан анча йил олдин дўстим Саъдулла билан катта ковун тушириб, катта пулдан айрилганмиз. Талабалик йилларимизда институтда танлов бўлган. Ҳамма жойгаа хонандалик йўналиши бўйича йирик танлов кетаётгани ҳақидаги эълонлар осиб танланганди. Табиийки, бундай нарсалар бизнинг назаримиздан четда қолмайди. Қатнашдим. Танловнинг биринчи, иккинчи ва, ниҳоят, учинчи босқичидан омадли ўтган мени ва яна бир нечта йигит-қизларни ғолиб деб эълон қилишди. Ўзини ҳайъат раиси деб таништирган киши мени секин ёнига чақириб, эртага алоҳида учрашмоқчилигини айтди. Мен эса ҳурсанд, дўстим Саъдуллага «Ғолибларнинг катта санъатга қадам қўйишига ёрдам берамиз, дейишганди-ку! Менимча, шунинг учун алоҳида кўришмоқчи» дедим ҳурсанд бўлиб. Учрашдик. Борганимиз бошимизга бало бўлган, чунки у киши бизни умуман бошқа масалада чақирган экан. У «Мана, ғолиблар қаторидасиз, энди сиздан битта зиёфат», деб гап бошласа бўладими... Биз эса талаба бўлсак, пул йўқ. Икки дўст бир-биримизга қарадик-да, наиложликдан, «Майли, ака, сиз нима десангиз, шу» дея ҳалиги раисни қаҳвахонага таклиф қилдик. (Аслида менда ҳам, Саъдуллада ҳам бир тийин пул йўқ, нима учун бораётганимизни ўзимиз ҳам билмасдик)
Одатдаги ҳолат бошланди. Официант келганди, раис ака бир дунё таом, ҳатто спиртли ичимликкача буюртирди. Саъдулла билан гоҳ бир-биримизга қараймиз, гоҳ дастурхондаги ноз-неъматларга боқиб, чўнтакда пул йўқлигидан ваҳима босиб бораяпти. Энди шундай катта инсон хисобни бизга тўлатади, деб ўйламаганмиз-да...
2 соат деганда еб-ичиб бўлган меҳмонимиз, "Кетамиз”, деди-ю, шундан кейин ҳамма шармандалик бошланди. Ҳисобга қарасак, палон пул. Нима қилишни билмай, роса ўйлаб, ноиложликдан меҳмонимизга, «Ака, пулимиз етмай қолди, қўшиб туролмайсизми?» дедик. Ўзи ғирт маст, икки сўзни бир бирига улолмай, «Масалани ҳал қиламиз» деганча ичкарига кириб кетди-ю, кетишидан қайтиши тез бўлиб қолди. Бир юзи қизарганча, «Йигитлар ҳаммаси яхши» деб кулиб чиқаяпти... Очиғи, ўша пайтда нимани ўйлашни ҳам билмай турган эдик, унинг ортидан халлослаб қаҳвахона маъмури чиқди. Унинг «Мен ҳеч нарсани билмайман, еган нарсаларингизни пулини тўланг!» деган гапидан кейин биз ишонган одам ҳам аслида ўзимиз қатори экан, деган ҳулосага келганмиз. Гапнинг қисқаси, машҳур инсоннинг олдида уялиб қолганимиздан ташқари, пулимиз йўқлиги туфайли қаҳвахонанинг айрим ишларини бажаришга мажбур бўлганмиз. Ҳозиргача бизнинг "меҳмон”имиз бўлган ўша инсонни кўрсак, маза қилиб кулишамиз. (dj.abu.95@mail.ru)
|