|
| | |
Главная » 2011 » Avgust » 26 » Қадр кечаси фазилати
05:03 Қадр кечаси фазилати |
«Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир».
Сура бошдан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир. Бу кечада шу йилдан келгуси йилгача бўладиган ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажалларнинг миқдори ўлчанади. Аллоҳ таоло бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўймоқликни амр этади.
ҚАДРИ УЛУҒ
«Лайлатул-қадр» сўзининг маъноси «белгилаш, қадр-қиммат, ўлчаш кечаси», яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, такдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради.
Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи демак – қадри улуғ, миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Аллоҳ таоло мазкур сурада «Қадр кечаси»нинг даражасини баланд қилди. Бунинг асосий сабабларидан бири бу кечада Қуръони каримнинг нозил бўлганлигидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилдилар: «У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди. Гўё у зотга умматларининг умрларини қисқа, бошқа умматлар қилган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди».
Абу Ҳурайра (р.з.)дан ривоят қилинади. Расул акрам (с.а.в.) яъни: «Кимки Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур», — дедилар.
ГЎЗАЛ РИВОЯТ
Ривоят қилинишича, бир куни Мусо (а.с.) Аллоҳ таолога нидо қилиб: «Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман», - деди. Аллоҳ таоло: «Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман», — деди. Мусо (а.с.) яна: «Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман», — деди. Аллоҳ таоло: «Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир», — деди. Мусо (а.с.): «Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман», — деганларида, Аллоҳ таоло: «Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман», — деди. Мусо (а.с.) нидоларини давом этиб: «Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман», — деди. «Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади», — деди Аллоҳ. Мусо (а.с.): «Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман», — деганларида, Аллоҳ таоло «Қадр кечасида истиғфорни кўп айтаганлар дўзахдан нажот топадилар», — деди. Мусо (а.с.) яна илтижо қилиб: «Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман», — деганларида Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: «Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топадилар», — деди (Зубдатул воъизин» китобидан).
У РАМАЗОННИНГ НЕЧАНЧИ КЕЧАСИДА?
Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расул (а.с.)дан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг йигирма еттинчи кеча экани маълум бўлган (Бағавий тафсири). Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечадир».
Бу кечада бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларни ҳам савобли ишларга чорлаб туриш лозим. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиш керак. Ўша кечанинг ва ундаги бедорлик. Ибодат, намоз, тиловати Қуръон ҳамда илтижо, тазарруъ, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак.
Лекин яна шу нарсани ҳам унутмаслигимиз лозимки, Рамазон ойининг ҳар бир кун ива туни улуғдир. Шунинг учун ҳам бизлар мана бу кунларни ғанимат билган ҳолда, унда ибодат ва рўзалардан ташқари, бошқа хайрли ишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз, кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олишимиз, ночор оилалар бўлса уларга ҳам эътиборли бўлишимиз, ҳожатмандларнинг ҳожатларини чиқаришга ҳаракат қилишимиз ва шу каби савобни кўпайтирувчи ишларга интилишимиз, динимиз кўрсатмаларидандир.
ҲАДИСЛАР
Ибн Умар (рз.) ривоят қиладилар: «Набий (с.а.в.)нинг бир қанча саҳобалари Лайлатул-қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда, Расулуллоҳ (с.а.в.) «Сизларнинг тушларингиз Лайлатул-қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканлигига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Кимки Лайлатул-қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!» — дедилар».
* * *
Ойша (рз.): «Набий (с.а.в.) «Қадр кечасини кутинглар!» деб айтдилар», — дедилар.
* * *
Ойша (рз.): «Набий Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, аҳллари билан алоқа қилишдан узоқлашар эдилар, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар», — дедилар.
|
Категория: Ислам / Islomiy |
Просмотров: 986 |
Добавил: nodirbek547
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|